Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг
НАМУНАВИЙ ШАКЛЛАРИ
Ушбу намунавий шаклларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими (бундан буён матнда ходим деб юритилади) – давлат органларида ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, давлат муассасаларида, давлат унитар корхоналарида, давлат мақсадли жамғармаларида, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими;
ходимга алоқадор шахслар (бундан буён матнда алоқадор шахслар деб юритилади) – ходимнинг яқин қариндошлари ҳамда ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса ёхуд унда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс;
манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарамақаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;
яқин қариндошлар – ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опасингиллари ва фарзандлари.
*Изоҳ:
Мазкур намунавий шакллар Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2024 йил 21 октябрдаги 65-сон буйруғи (Адлия вазирлигида 2024 йил 5 ноябрда 3569-сон билан рўйхатга олинган) билан тасдиқланган.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани (1-файл) тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарига — юқори турувчи раҳбарга) ёки Давактив агентлигининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бўлими (cs@davaktiv.uz электрон почтаси орқали ёки бевосита)га тақдим этиши шарт;
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация(2-файл)ни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация (2-файл)ни Давактив агентлигининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бўлими (cs@davaktiv.uz электрон почтаси орқали ёки бевосита)га тақдим этиши керак;
ходимга алоқадор шахслар эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация (3-файл)ни Давактив агентлигининг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бўлими (cs@davaktiv.uz электрон почтаси орқали ёки бевосита)га тақдим этади.