Савол-жавоб

Кўп бериладиган саволлар

Самарадорликнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъектнинг ижро этувчи органи томонидан ташкилотнинг ваколатли органига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Уларнинг миқдори қонунчиликда тасдиқланган меъёрий миқдордан паст бўлиши мумкин эмас. Кўпчилик меъёрий миқдорлар кўрсаткичлари қонунчиликда белгиланмаганлиги сабабли, уларни тўғри аниқлаш жуда муҳим. Бу қандай амалга оширилади ва нималар ҳисобга олиниши керак?
Прогноз (мақсадли) кўрсаткичларининг объектив қийматларини белгилаш учун қуйидаги усуллардан фойдаланилади:
ташкилот ёки умуман соҳа бўйича экспертлар ўтказган баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш ва фойдаланиш;
энг муваффақиятли рақобатчиларнинг молиявий ва номолиявий кўрсаткичларини тўплаш ва комплекс таҳлил қилиш;
ўтган даврлардаги (камида олдинги уч йил) ҳақиқий маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилиш.
Мақсадни белгилашда SMART қоидалари инобатга олиниши лозим. «Мақсадлар асосида бошқариш» (objective management) концепциясида самарадорликка эришиш учун қўйилаётган мақсадлар қуйидаги мезонлар асосида текширилади:
Specific - муайян, аниқ. «Зудлик билан тугмани босиш» мақсади аниқ белгиланмаган, бунинг ўрнига «1 сония давомида тугмани босиб туриш» тўғри бўлади;
Measurable - ўлчанадиган. Мақсад натижасини миқдор жиҳатдан ўлчаш мумкинлиги назарда тутилиши лозим;
Achievable – эришса бўладиган. Мақсад эришса бўладиган бўлиши лозим;
Relevant – шароитга мос. Мақсадга эришиш ресурслар билан таъминланган бўлиши лозим;
Timed/Time-bounded - Нуқтага/вақт оралиғига боғланган бўлиши. Боғлиқлик йўқ экан – мақсад ҳам йўқ (орзу бор, холос).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги 775-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йил 207-сон қарорига ҳамда у билан тасдиқланган низомга ўзгартиришлар киритилди ва давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилди. Жумладан:
корхонанинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичларга қўшимча тарзда соф тушум ва соф фойда режаси, таннархни камайтириш, чет эл валютасига бўлган мустақиллик, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари, экспорт ҳажмининг бажарилиши ва энергия самарадорлиги каби кўрсаткичлар жорий этилиши;
асосий СМКнинг салмоқ ўлчовлари қатъий белгиланиши;
СМК натижалари Агентлик веб-сайтида жойлаштирилмаган ёки "қониқарсиз" ёхуд "паст" бўлганда ижро органи рағбатлантирилмаслиги, яъни ижро этувчи орган аъзоларига устамалар (надбавка) белгилаш, мукофот пули ва бошқа моддий рағбатлантиришлар тўлаш мумкин эмаслиги;
ижро этувчи орган фаолиятининг самарадорлиги кетма-кет икки чорак мобайнида қониқарсиз ёки паст даражада (ҳар қандай уйғунликда) ва/ёки умуман баҳоланмаган бўлса, ёхуд унинг натижалари Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилмаганда, бу корхонанинг ижро этувчи органи раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келиши;
ижро этувчи органининг йил якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги юқори баҳоланганда, уларга корхона бошқарув органининг қарорига асосан соф фойданинг 5 фоизигача бўлган миқдорда, бир йўла тўланадиган бонус берилиши мумкинлиги белгиланди. Бунда, тўланган бонус миқдори тўғрисидаги ахборот икки кун муддатда корхонанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги 775-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йил 207-сон қарори билан тасдиқланган низомга “Бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, ташкилотлар ҳар чоракда СМК бажарилишини ҳисоблайди ва эълон қилади” мазмунида ўзгартириш киритилган. Шу сабабли, давлат органларига топшириладиган ҳисоботларнинг даврийлигидан қатъи назар, СМКни ҳисоблашнинг даврийлиги ҳар чоракдан иборат бўлиши лозим. Бу бир йилда бир марта ҳисобот топширадиган ташкилотларга ҳам тааллуқли. Давлат органларига топшириладиган ҳисоботлар (молиявий, статистик, солиқ ва бошқа) СМКни ҳисоблаш учун ахборот манбаларидан бири ҳисобланади, холос. Улардан ташқари, бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳужжатларидаги, бизнес-режадаги, белгиланган тартибда олинган ёки ишлаб чиқилган бошқа материаллардаги маълумотлардан фойдаланиш зарур.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан тасдиқланган 2а-иловада келтирилган СМКни ҳисоблаш мажбурий ҳисобланади. Айрим СМКларни қўллаш имкони бўлмаган ҳамда салмоқ ўлчовларини ўзгартириш зарурияти вужудга келган ҳолларда, бу ҳақидаги қарор ташкилотнинг ижро этувчи органи таклифига асосан ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланади.
Тушунарлики, ташкилот фаолиятининг ўзига хос томонлари бошқа СМКлар ҳам қўлланилишини тақозо этиши мумкин. Бундай ҳолларда, 2б-иловада келтирилган қўшимча кўрсаткичлар доирасида иш тутиш тавсия этилади. Ижро этувчи орган фаолиятини баҳолаш учун қўлланиладиган барча самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари ваколатли бошқарув органи (кузатув кенгаши, таъсисчи, муассис) қарори билан тасдиқланиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жамиятнинг директорига, бошқарув аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши ва шартномада белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига асосан корхона томонидан олинган соф фойдани тақсимлаш акциядорлар (таъсисчилар) умумий йиғилиши қарорига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган. Корхона ижро этувчи органининг йил якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги юқори, яъни 100 фоиз ва ундан ортиқ деб баҳоланган тақдирда, соф фойданинг 5 фоизигача бўлган миқдорини ижро этувчи органи аъзоларига, уларнинг самарадорликни оширишга қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, бир йўла тўланадиган бонус тарзида бериш тўғрисидаги қарор корхонанинг ваколатли бошқарув органи томонидан қабул қилиниши мумкин.

Ҳа, биринчи бешта кўрсаткич Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича ҳисобот топширишга ўтган корхоналарда ҳисоблаш учун кўзда тутилган. Бу бешта кўрсаткич корхонанинг молиявий-иқтисодий аҳволини баҳолаш учун муҳим, бундан ташқари манфаатдор шахслар, шу жумладан хорижий инвесторлар айнан шу кўрсаткичлар билан танишишни истайдилар.
Мазкур кўрсаткичларни ҳисоблаш қоидаларидан маълумки, улардан тўрттасини Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (БҲМС) бўйича тайёрланган ҳисоботлар асосида аниқ ҳисоблаб чиқиш мумкин. Фақат битта кўрсаткич (EBITDA–фоизлар, солиқлар ва амортизация чиқариб ташланишидан олдинги фойда) қўшимча маълумотларни талаб қилади. Бу маълумотлар БҲМС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботларда йўқ, аммо СМКни ҳисоблаш учун асос бўладиган бошқа манбаларда бор. Бу эса биринчи бешта муҳим кўрсаткични жорий даврда қўлланилаётган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлари стандартларидан қатъи назар ҳисоблаш имконини беради.

Ҳар бир ҳисобот даври учун самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари рўйхати, уларнинг прогноз (мақсадли) миқдорлари, шунингдек салмоғи хўжалик юритувчи субъектнинг ваколатли бошқарув органи қарори билан тасдиқланади. Шунинг учун тасдиқланган кўрсаткичлардан ҳар қандай оғишларга ёки уларнинг мақсадли (прогноз) кўрсаткичларини ўзгартиришга фақат шу кўрсаткичларни тасдиқлаган ваколатли органнинг қарорига асосан йўл қўйилади. Агар тасдиқланган кўрсаткични бажариш имкони йўқлиги ваколатли органга асослаб берилса, у томонидан:
мазкур кўрсаткични самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари рўйхатидан чиқариш ва қолган кўрсаткичларнинг салмоғини ўзгартириш тўғрисида; ёки СМКнинг мақсадли (прогноз) кўрсаткичи ва/ёки унинг салмоғини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари тизими, уларнинг мақсадли (прогноз) кўрсаткичлари ижро этувчи органнинг таклифлари асосида тасдиқланиши инобатга олинса, кейинчалик уларга киритилган ўзгартиришларни шу кўрсаткичларни тайёрлаш пайтида йўл қўйилган камчилик сифатида баҳолаш лозим. Айнан шу сабабдан, Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йил 207-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тўғрисида Низом»да самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари тизимини ва уларнинг мақсадли (прогноз) кўрсаткичларини ишлаб чиқиш учун ташқаридан маслаҳатчиларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бунда СМК тизимини татбиқ қилишда хатога йўл қўйилиши таҳликаси имкон қадар камайтирилади ва сарфланган харажатлар ўзини оқлайди. СМК тўғри ва ҳаққоний ҳисобланганлиги ижро этувчи органининг раҳбари томонидан тасдиқланади, шундай экан СМК тизимини татбиқ этишга профессионал ёндашув корхонанинг фаолиятини баҳолашда ижро этувчи органнинг ўзига бўлган ишончини оширади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги 775-сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йил 207-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 23-бандига “Асосий СМК бўйича ҳисобланган миқдор ташкилотнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигининг йиғинди кўрсаткичи (кейинги ўринларда — СЙК) сифатида ифодаланади. Қўшимча СМК қўлланилганида, СЙК асосий СМК билан қўшимча СМКнинг ўртача арифметик миқдорида аниқланади” деган ўзгартириш киритилган.
Самарадорликнинг йиғинди кўрсаткичи (СЙК) корхонада тасдиқланган барча самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларининг ўртача ўлчанган миқдори сифатида ҳисобланади. Ҳисоблаш асосий СМК бўйича алоҳида, қўшимча СМК бўйича алоҳида амалга оширилади. Ижро этувчи органнинг фаолиятини баҳолаш учун асосий кўрсаткичлар бўйича якунлар ҳам, қўшимча кўрсаткичлар бўйича якунлар ҳам ҳисобга олинади. Бунинг учун асосий ва қўшимча кўрсаткичлар бўйича СЙК суммасининг ўртача арифметик қиймати ҳисоблаб чиқарилади.

Самарадорлик мезони ҳисобланмиш молиявий ва иқтисодий кўрсаткичларга фақатгина ижро этувчи бошқарув органнинг фаолияти билангина эришиб бўлмайди. Етакчи қанчалик моҳир бўлмасин, ғалабага бутун меҳнат жамоасининг биргаликдаги меҳнати билан эришилади. Шунинг учун корхонанинг ички ҳужжатларига, масалан «Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида Низом», «Ходимларни мукофотлаш тўғрисида Низом» ва бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганда ва/ёки уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганда мазкур масала инобатга олиниши мумкин.

Корхонанинг самарадорлик даражасини ошириш ва уни аниқлашда нафақат молиялаштириш манбаи ҳисобга олинади, балки маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, маъмурий ва бошқа харажатларни оптималлаштириш чораларини кўриш орқали унинг иқтисод қилиниши, иш (хизмат) таннархини камайтириш, инновацион ғоялар ҳамда АКТни амалиётга жорий этиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш, ходимлар қўнимлиги ва корхонанинг фаолият йўналишидан келиб чиқиб бошқа қўшимча кўрсаткичларни ўз ичига олган СМК белгиланиши лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 декабрдаги 775-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йил 207-сон қарори билан тасдиқланган низомга бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва топшириш муддатидан қатъий назар, ташкилотлар ҳар чоракда СМК бажарилишини ҳисоблаши ва эълон қилиши лозимлиги тўғрисида тегишли ўзгартиришлар киритилган. Ушбу талаб бир йилда бир марта ҳисобот топширадиган корхоналарга ҳам, ҳамда бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларга ҳам тааллуқлидир.
СМК рўйхати корхонанинг ваколатли (юқори) бошқарув органи қарори билан тасдиқланиши ва унинг бажарилиш ҳолати юзасидан ҳар чорак якуни бўйича ушбу органга ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этиб борилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 75-моддасига асосан акциядорлик жамияти кузатув кенгашининг ваколатлари белгиланган бўлиб, унга кўра “агар жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш жамият уставида кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилмаган бўлса ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан жамият кузатув кенгашига топширилмаган бўлса, жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш. Бунда жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режаси жамият кузатув кенгаши мажлисида жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим” лиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуни 30-моддасига мувофиқ масъулияти чекланган жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 июлдаги “Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги 207-сон қарорига асосан давлат корхоналарида, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари муассиси ҳисобланадиган унитар корхоналарда муассис томонидан ташкилотнинг кейинги йил учун бизнес-режаси ҳар йили 1 декабргача тасдиқланиши ва унинг бажарилиши тўғрисида ташкилотнинг ижро этувчи органи ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилиш тартиби жорий этилган.