Жорий йил 28 февраль куни Давлат активларини бошқариш агентлиги биносида «Диний бағрикенглик – дунёвий давлатда тинчлик ва тараққиёт калити» мавзусида «Миллий либос – миллат ғурури» шиори остида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбир Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида ўз маърузалари билан иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси масъул ходими Мелиқўзиев Жаҳонгир Валижонович ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Абдуфаттоҳов Мўмин Мирзо Муроджон ўғли иштирок этди.
Тадбир бошида юртимизда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ривожлантириш, ўзбек халқининг миллий бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда маданий савияни юксалтириш, ҳаётимизда миллий анъаналаримизнинг ўрнини мустаҳкамлаш ҳар бир ходимнинг фуқаролик бурчи ҳисобланиши маълум қилинди.
Шу муносабат билан, Давактив агентлиги директорининг буйруғига асосан, тизимда ҳафтанинг ҳар жума куни – «Миллий либослар куни» этиб белгиланганлиги ҳамда мазкур ташаббус асосида тизим ходимлари иш жойларида миллийликни тарғиб қилувчи либосларда бўлиш орқали шахсий намуна кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини таъкидланди.
Маърузачилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги белгиланганлиги, бу эса, жамиятда виждон эркинлиги, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини самарали таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини эслатиб ўтди.
Мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борада давлат хизматчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тегишли тушунтиришлар берган ҳолда диний бағрикенглик – миллатлараро тотувликнинг гарови ҳисобланади. Айнан ушбу йўналишда мамлакатамизда ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги ва қонунчилик ҳужжатлари билан алоҳида тартибга солинганлиги, натижада мавжуд 16 та дин вакиллари эмин-эркин яшаб келаётганликлари ва уларга эътиқод қилишлари учун қулай шарт-шароит яратилган.
Шу билан бирга, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, фуқаро динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмаслиги ҳақида маълумот берилди.
Тадбир сўнгида, иштирокчилар ҳамда ходимлар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди ҳамда маърузчилар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар иштирокчилар томонидан ижобий қабул қилинганлиги эътироф этилди.